Маданият ҳафталиги

Тошкент вилояти “Маданият ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон давлат филармониясининг ҳудудий бадиий ва ижодий жамоалари ўртасида республика кўрик-танлови бўлиб ўтади.


Ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган ва авлоддан-авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик санъатларини янада бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш, уларда миллий маданиятимиз, қадриятларимизга нисбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш мақсадида, жорий йилнинг 1-7 март кунлари, Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий бадиий ва ижодий жамоалари ўртасида, республика кўрик-танлови бўлиб ўтади.

Бадиий ва ижодий жамоалар ўзбек халқ қўшиқлари, мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш этишади. Унда бадиий ва ижодий жамоаларнинг профессионал муаллифлик ижодиёти ҳам ижро этилиши мумкин.

Кўрик-танлов ижрочилари ижро маҳорати, профессионал тайёргарлиги, касб маҳорати, репертуар савияси, юксак бадиий дид билан ёндашуви, саҳна маданияти ва артистик маҳорати каби мезонлар асосида баҳоланади.

Бадиий ва ижодий жамоалар томонидан ижро этиладиган асарлар, тўлиқ жонли ижрода амалга оширилади.

Ғолиб бўлган бадиий ва ижодий жамоалар диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорда: 

1-ўрин — 300 млн сўм;

2-ўрин — 200 млн сўм;

3-ўрин — 100 млн сўм пул мукофотлари билан тақдирланадилар.

Батафсил маълумотни: www.filarmonia.uz сайтида олишингиз мумкин.

Кўрик-танлов Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Қўшма қарорига асосан Тошкент вилояти “Маданият ҳафталиги” доирасида Қуйи-чирчиқ тумани “Беруний” марказида ўтказилади.

26-02-2021, 13:27 252 0
Оставить комментарий