Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий жамоалари ўртасида республика кўрик-танлови

Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий жамоалари ўртасида 

республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ

1-боб.  Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий бадиий ва ижодий жамоалари ўртасида республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда – “Кўрик-танлов” деб юритилади) тартиби, муддати ва шартлари, иштирокчиларга қўйилган талаблар ва ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Кўрик-танлов Маданият вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги қарори асосида Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий бадиий ва ижодий жамоалари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда бир марта ўтказилади.

3. Кўрик-танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати ушбу танлов бошланишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

4. Кўрик-танловнинг асосий ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳисобланади.

2-боб. Кўрик-танловнинг мақсади

5. Кўрик-танловнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган ва авлоддан-авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик санъатларини янада бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш, уларда миллий маданиятимиз, қадриятларимизга нисбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш;

республикада анъанавий ва академик мусиқа, рақс санъатини ривожлантириш, ижрочиларнинг касб маҳоратини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш учун шарт-шароитлар ҳамда рағбатлантириш;

мусиқий-маърифий ишлар орқали баркамол ривожланган шахсни шакллантириш, аҳолини эстетик тарбиясини янада юксалтириш, истеъдодли ёшлар, бадиий ва ижодий жамоалар, мусиқа ижрочилари ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

мусиқа ва рақс жамоалари ҳамда ижрочиларининг бадиий даражасини
 ва касб маҳоратини такомиллаштириш;

республикада мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик санъатларини ривожлантириш, таниқли санъат намояндаларини, ижодий бадиий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш;

“Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, Ўзбекистон давлат илармонияси таркибидаги бадиий жамоалар ҳамда алоҳида ижрочилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, ижодий ҳамкорлик ва ташаббускорликни рағбатлантиришга хизмат қилади.

3-боб. Кўрик-танловда иштирок этиш шартлари

6. Кўрик-танловда Ўзбекистон давлат Филармониясининг ҳудудий бадиий ва ижодий жамоалар иштирок этиши мумкин.

7. Кўрик-танловда иштирок этишни истаган бадиий ва ижодий жамоалар танлов бошланишидан йигирма кун олдин Маданият вазирлигининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқармасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

кўрик-танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон давлат Филармонияси ҳудудий бўлим бошлиқларининг мурожаатномаси;

бадиий ва ижодий жамоа тўғрисида маълумотнома;

бадиий ва ижодий жамоанинг барча ходимлари рўйхати;

ижро дастурининг рўйхати 1,2-тур учун;

эришган ютуқларидан намуналар (нусҳаси);

8. Белгиланган муддатдан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.

9. Бадиий ва ижодий жамоалар томонидан мазкур Низом асосида тақдим этиладиган ҳужжатлар тўлиқ ва сифатли бўлмаган тақдирда Ҳакамлар хайъати томонидан қайтарилиши мумкин.

10. Бадиий ва ижодий жамоалар томонидан ижро этиладиган асарлар тўлиқ жонли ижрода (асарнинг орқа треки-минусовкадан фойдаланиш мумкин) амалга оширилади.

11. Кўрик-танлов 2 (икки) турда ўтказилади.

Биринчи турда бадиий ва ижодий жамоалар ўзбек халқ қўшиқлари, мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик йўналишларида ижро маҳоратини кўрсаталди. 

Иккинчи турда Ўзбекистон ва хорижий композитор
 ва бастакорлари ижод намуналаридан қўшиқ, ўзбек халқ қўшиқлари, мусиқа, миллий рақс ва эстрада, анъанавий ижрочилик йўналишларида ижро маҳоратларини кўрсатишлари ҳамда бадиий ва ижодий жамоаларнинг профессионал муаллифлик ижодиёти ҳам ижро этилиши мумкин.

4-боб. Кўрик-танловни ўтказиш босқичлари ва муддатлари

12. Кўрик-танлов бир босқичда ва қуйидаги муддатта ўтказилади:

Ушбу босқичда Ўзбекистон давлат Филармонияси ҳудудий бўлимлари томонидан тавсия этилган бадиий ва ижодий жамоалар иштирок этади ва нуфузли республика Ҳакамлар хайъати ва тегишли мутахассислар томонидан сараланади.

13. Кўрик-танлов якунига кўра ғолиб бўлган бадиий ва ижодий жамоалар март ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкент вилоятида тантанали равишда тақдирланади.

5-боб. Кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш мезонлари

14. Кўрик-танловда 7 (етти) нафардан кам бўлмаган Ҳакамлар хайъати бадиий ва ижодий жамоаларнинг ижодий чиқишларини баҳолайди.

15. Кўрик-танлов иштирокчилари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

ижро маҳорати;

профессионал тайёргарлиги;

касб маҳорати;

репертуар савияси (мусиқа, матн);

юксак бадиий дид билан ёндашуви;

саҳна маданияти ва артистик маҳорати.

16. Ҳакамлар ҳайъати кўрик-танловнинг баҳолаш мезонларига кўра ҳар бир мезон бўйича максималл 5 балли тизим асосида баҳолайди.

17 Ҳакамлар ҳайъати томонидан бадиий ва ижодий жамоаларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

18. Кўрик-танловда энг кўп умумий балл тўплаган бадиий ва ижодий жамоа орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан кўрик-танловнинг
 1, 2, 3-ўрин совриндорлари аниқланади.

19. Кўрик-танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.

20.Бадиий ва ижодий жамоалар Ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан кўрик-танловнинг якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига аппеляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Аппеляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.

6-боб. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

21. Кўрик-танловнинг якуни бўйича Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра
 1-3 ўринларга жами 3 (уч)та бадиий ва ижодий жамоалар ғолиб деб топилади.

22. Кўрик-танловда ғолиб бўлган бадиий ва ижодий жамоалар диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин — 300 млн (уч юз миллион) сўм миқдорида пул маблағлари;

2-ўрин — 200 млн (икки юз миллион) сўм миқдорида пул маблағлари;

3-ўрин — 100 млн (юз миллион) сўм миқдорида пул маблағлари.

23. Кўрик-танлов ғолиби деб топилган бадиий ва ижодий жамоаларнинг бадиий раҳбарлари махсус диплом билан тақдирланади.

7-боб. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш

24. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Тошкент вилояти маҳалий бюджети маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, кўрик-танловнинг ғолиби деб топилган бадиий ва ижодий жамоаларига тўланадиган пул мукофотлари Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

25. Кўрик-танловда иштирок этиши белгиланган бадиий ва ижодий жамоаларнинг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун юбораётган ташкилот ҳамда муассасалар томонидан ёки ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.

8-боб. Якуний қоидалар

26. Кўрик-танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


20-02-2021, 16:46 762 0
Оставить комментарий