Бастакор Анор Назаров хотирасига бағишланган концерт дастури

     Жорий йилнинг 26 февраль куни соат 18.30да Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида Ўзбекистон давлат филармонияси миллий симфоник оркестрининг таниқли бастакор Анор Назаров хотирасига бағишланган концерт дастурини тамошабинларга ҳавола этади.

Концерт дастурида бастакорнинг “Буюк ипак йўли” симфоник поэмаси, “Херосима” симфоник кантатаси, “Истиқлол вальси”, “Ҳаёл ичра” – виолончелда соло мусиқий асарлари ижро этилади.   

Солист халқаро танловлар лауреати, Чайковский номидаги халқаро ёшлар танлови мусиқий асар ижроси виртуози,  "Ille-de-France" номли Франция миллий танловининг 1 ўрин сохиби, “Планетанинг янги номлари” жамғармаси лауреати, М.Растрапович танлови ярим чорак финалисти, Париж олий консерваторияси олтин медаль сохиби,  “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилшод Назаров (виолончель)

Дирижёр: Алибек Кабдурахманов
 Оркестр бадиий раҳбари Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов

Ўзбек мусиқа санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Назаров Анорқул Мамадович 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган.

Серқирра ижодкор ўзининг ҳаётини, умрини мусиқа санъатига бағишлаган истеъдод соҳиби эди. 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, 1968—1985 йилларда Алишер Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985—1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг бош дирижёри, 1986—1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996—2000 йилларда «Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмаси бош директори, 2000—2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

Бастакорнинг фаолияти асосан эстрада мусиқа санъати билан бевосита боғлиқ бўлиб, ўзига хос мустақил услубий ижоди билан ажралиб туради. «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» , «Ватан азиздир», «Жон Ўзбекистон» , «Ифтихор», «Яшнар баҳорим», «Она юрт», «Баркамол авлод», «Ўзбекистон муштарак» , «Гўзал Тошкент», «Юрт қадри» , «Азиз одамлар» , «Изҳор» каби 120 дан ортиқ қўшиқлари ўзининг жозибадорлиги, она Ватанга бўлган муҳаббат, уни эъзозлаш, асраб авайлаш ва инсонпарварлик руҳи билан суғорилганлиги билан эътиборлидир. У яратган асарлар Ватанимизнинг Мустақиллик, Наврўз каби миллий ва давлат тадбир дастурларида тараннум этиб келинмоқда. Ижодкорнинг бизга қолдирган бой маданий мероси, яратган дилбар тароналари, қўшиқлари халқимиз тилида ва дилидан чуқур жой олган.

Анор Назаровнинг ижоди давлат томонидан муносиб баҳоланиб, 1995 йил Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, 1997 йил, А.Қодирий номидаги Давлат мукофоти лауреати ва 2008 йил «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.


26-02-2020, 12:48 229 0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь.
Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.
Оставить комментарий