Нукус шаҳрида Ватан ҳимоячилари куни нишонланди

Жорий йилнинг 14 январь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги байрам тадбири бўлиб ўтди.Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам арафасида мамлакатимизнинг мудофаа қудрати ва ҳарбий-техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамоат тартибини сақлаш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати, хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малака ва маҳоратга эга кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи давлатимиз раҳбарининг фармони, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раёсати қарори билан унвонлар, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар ва бошқалар юксак эътибор, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Қорақалпоғистон Республикаси маданият ходимлари ҳамда ҳарбий қисм шахсий таркибининг байрамона концерт дастури тадбирга янада ўзгача шукуҳ бағишлади. Концерт дастурига Ӯзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бӯлинмаси хонандалари ва раққоса қизларимиз қатнашди.
15-01-2020, 12:00 519 0
Оставить комментарий