Жанубий Кореянинг Андонг шаҳрида ўтказилган фестивалда санъаткорларимиз ютуғи

“Корейс маънавий маданиятининг пойтахти” сифатида танилган Жанубий Кореянинг Андонг шаҳрида 27 сентябрдан 6 октябргача “ Andong Mask dance festival 2019” деб номланган фестиваль бўлиб ўтди. Ушбу фестивални Андонг туризм маркази ташкиллаштирди.  Андонг шаҳри йирик сайёҳлик ва маданий марказ сифатида танилган бўлиб, у ерда кўплаб қадимий анъаналар сақланиб қолинган. Шаҳардан келган миллий корея ниқоблари сайёхлар орасида машхур ҳисобланади. Фестивалда ўн учта давлатдан йигирма саккизта иштирокчи қатнашди. Қувонарли томони шундаки, фестивалда Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфидаги “НАВРЎЗ” ашула ва рақс ансамбли ҳам қатнашиб "Оммавий йўналиш"да олтин мукофотга сазовор бўлишди. "Якка ижрочилик йўналиши"да "НАВБАХОР" ансамблидан Кенжебаев Шерзод ҳам "Олтин мукофот"ни хамда Зиёева Ситора бронза мукофотни эгаллашди.
“Наврўз” ашула ва рақс ансамбли 2011 йил 11 ноябрда Бадиий ва академик жамоалар дирекцияси қошида ташкил топган. Ансамбл кўплаб давлат тадбирлари ва қабул маросимларида фаол иштирок этиб келаётган жамоалардан бири ҳисобланади. Ансамбл жамоаси миллий рақс санъати билан замонавий рақс санъатини уйғунлаштириш йўлида ўз изланишларини олиб бораётган жамоа сифатида бошқа ансамбллардан фарқланиб туради. Жамоа ижодий ходимлари салоҳияти бўйича етарли малакага эга санъаткорлардан иборат. Бугунги кунда таниқли хонандалар билан бир қаторда ёш иқтидорли балетмейстер Зарина Аҳмедова бошчилигида раққосалар гурухи умумхалқ байрамлари ва давлат концерт дастурларида фаол иштирок этиб келмоқдалар. 
-  “Андонг шахри бизда жуда илиқ таассурот қолдирди. Биринчи кундан бизни самимий мехмондўстлик билан кутиб олишди. Олдин ҳам бундай фестиваллар ҳақида эшитган эдим, аммо, унда ўзимиз ҳам қатнашиб миллий рақс санъатини, Ўзбекистон маданиятини ўзга давлатларга тарғиб қилишдан бошимиз кўкка етди. “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли миллий рақс ва миллий қўшиқларимиз билан чиқишлар қилдик. 28 сентябрь куни Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Куй қўшиқлардан ташқари Ўзбекистон рассомлари ва хунармандлари томонидан ижодий ишлар тақдим этилди. Миллий либосларимиз кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Биз ўзга миллат вакилларининг ҳам маданиятини, урф-одатларини, қадриятларини, санъатини ўргандик. Бошқа давлатнинг рақсларини кўриб, бирибир ўзимизнинг миллий рақсларимиз жозибалилиги билан ажрилиб туришини яна бир бор англадим. Ғолиб бўлганимиз ҳам бизга илхом бахш этди. Ўзбекистон маданияти, санъати ривожига ўз хиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз ва байроғимизни бунданам юксак чўққиларга олиб чиқишга ҳаракат қиламиз” – деб жўшиб гапирди “Наврўз” ашула ва рақс ансамблининг раққосаси Азиза Қодирова.
   Дунё миқёсида бундай фестивалларнинг кўпайишига ва Ўзбекистон Давлат филармониясининг бошқа жамоалари ҳам фахрли марраларни қўлга киритишига ишонамиз ва “Наврўз” ашула ва рақс ансамблининг келгуси ишларига омад тилаб қоламиз.

                                                                                                                                          Малика Рўзиева
9-10-2019, 14:34 156 0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь.
Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.
Оставить комментарий